Худойимдан хабар келди — буюк фармон! Ўқинг: “Ваннажму вашшажару ясжудаан...” Шул сабабли дов-дарахту ўт-ўлан Тасбеҳ айтиб чиқар ердан, бўлманг ҳайрон.
Бир чаманзор ичра кирсак, турфа гуллар Тасбеҳ айтар, аммо биздан эрур пинҳон. Олма, ўрик, гилос, анжир барчалари Қандай тасбеҳ айтганини билмас инсон. Пахтазору ғаллазорлар қир-адирда Холиқ учун тасбеҳ айтур уриб жавлон. Кўз илғамас митти-нафис гиёҳлар ҳам, Осмонўпар дарахтлар ҳам дегай Раҳмон.
Тоғу тошда, яйловларда печак, бута Бўйинсунган Холиқ учун, қилманг пайҳон. Арчазору тўқайлар ҳам катта бойлик, Болта урманг, парваришланг, қилманг хазон.
Қовун-тарвуз, ҳандалаклар унган пайкал Ҳаққа бўйинсуниб бўлди шаккаристон. Болдан тотли чилги, чарос, ҳусайнилар Ҳақ зикрини кеча-кундуз қилгай баён.
Бу наботот оламида ибрат-сир кўп, Одамзоднинг ақли етмас, Ҳаққа аён.
|