ИЙМОНИНГ САҚЛА (Тўғри йўлдан озган баъзиларга)
Ўзбекнинг боласи, диндош биродар, Воажаб, наҳотки динингдан қайтсанг?! Ишонмас ҳеч кимса, ҳай-ҳай, алҳазар, Имондан воз кечиб, насроний бўлсанг!
Йўлдан оздирдими шайтони маккор Ё нафсинг фитнаси айлади абгор — Не сабаб бўйнингга осарсан зуннор Черков-бутхонада сенга нима бор?!
Ўзбекнинг боласи, диндош биродар, Бошингдан сочса ҳам қанча сийму зар, Эл ичра мўминлик номинг сақлагил, Виждону имону оринг сақлагил.
Черковга борганинг рост бўлса агар, Элу юртинг сендан қилмасми ҳазар. Авлоду аждодинг, етти пуштингга Қиёматга қадар дашном ёғилар.
Ҳали ҳам сен учун битта имкон бор, Бу йўлдан қайтгину айтгил истиғфор. Умид қилиб айтар ҳожи Абдуллоҳ: Шоядки гуноҳинг кечирса Аллоҳ...
|