Allohga taqvo qiling Shanba, 04.05.2024, 09:09
Asosiy
Yangilik bo'limlari
Qur'oni Karim [0]
Hadis [1]
Aqoid [0]
Arab tili [0]
She'riyat [12]
Ibratli dunyo [1]
Jamiyat [3]
So'rovnoma
Bir odam umri davomida qancha yog' iste'mol qiladi?
Всего ответов: 5
Bosh sahifa » 2008 » Aprel » 16 » ИЛМ АФЗАЛМИ ЁКИ...
ИЛМ АФЗАЛМИ ЁКИ...
16:06
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Мен илмнинг шаҳриман, Али унинг дарвозасидур, яъни ҳамма аҳли жаҳондан мен олийроқман. Мендан кейинги даражадаги олим ҳазрати Алидир”.
Бу сўзни эшитгач, бир неча киши ҳасад қилиб: “Алидан ўн киши якка-якка ҳолда бориб, бир масалани сўраймиз. Агар ҳар биримизга бошқа-бошқа жавоб берса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ростлиги ва ҳазрат Алининг олимлиги маълум бўлади. Агар ҳаммамизга бир хил жавоб берса, ҳазрат Алининг олимлиги ёлғон бўлади”, - деб имтиҳон қилишни маслаҳатлашдилар. Шундан кейин улардан бири ҳазрат Алининг ёнларига келиб:
- Ё Али, илм афзалми, мол афзалми? – дея савол берди.
- Илм афзал, - дедилар Али каррамаллоҳу важҳаҳу.
У киши яна:
- Қайси далил билан илм афзал ҳисобланади? - деб сўради.
Ҳазрати Али:
- Илм пайғамбарлардан қолган меросдир, аммо мол-дунё Шаддод ва Фиръавнга ўхшаш кишилардан қолган меросдир, - деб жавоб бердилар.
- Шундан кейин у киши кетди. Ўрнига бошқаси келиб, ҳазрат Алидан:
- Ё Али, илм афзалми, мол афзалми? – деб сўради.
Ҳазрати Али:
- Илм афзал, - дедилар.
Савол берган киши: “Қайси далил билан илм афзал ҳисобланади?” - деб сўради.
Ҳазрати Али: “Илм сени муҳофаза қилади. Аммо молга сен муҳофазачи бўласан”, - деб жавоб бердилар.
Шундан сўнг иккинчиси ҳам кетиб, учинчиси келди ва ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳудан: “Ё Али, илм афзалми, мол афзалми?”, - деб сўради.
Ҳазрат Али яна илм афзал, деб жавоб бердилар.
У яна савол берди:
- Қайси далил билан илм афзал ҳисобланади?
Ҳазрат Али:
- Мол-дунёси кўп кишининг душмани кўп бўлади, аммо илмли кишининг дўсти кўп бўлади, - дедилар.
Шундан кейин тўртинчиси келиб, айни саволни берди.
Ҳазрат Али: “Илм афзал”, - дедилар.
- Қайси далил билан илм афзал ҳисобланади? - сўрашда давом этди.
Ҳазрат Али молни сарф қилсанг кам қолади, лекин илмни қанча сарф қилсанг, шунча кўпаяди, дедилар.
Шундан кейин бешинчиси келди ва ҳазрат Алидан: “Ё Али, илм афзалми, мол афзалми?”, - деб сўради.
Ҳазрат Али: “Илм афзал”, - дедилар.
У яна савол берди:
- Қайси далил билан илм афзал ҳисобланади?
Али каррамаллоҳу важҳаҳу бой киши бахиллик ва лаимлик (зиқналик) номи билан эсга олинади. Илмлик киши эса, ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга олинади, деб жавоб бердилар.
Шундан кейин у кетиб, олтинчиси келди ва ҳазрат Алидан: “Ё Али, илм афзалми, мол афзалми?”, - деб сўради.
Али каррамаллоҳу важҳаҳу илм афзаллигини айтдилар.
У яна савол берди:
- Қайси далил билан илм афзал ҳисобланади?
Ҳазрат Али:
- Молни ўғридан сақлаш зарур бўлади, аммо илмни сақлашга ҳожат йўқки, ўғри ололмас, - дедилар.
Еттинчи киши келиб, Алли каррамаллоҳу важҳаҳуга айни саволни берди.
Ҳазрат Али ҳам аввалги жавобни такрорладилар.
- Қайси далил билан илм афзал ҳисобланади? – деб сўради яна.
Ҳазрат Али, мол-дунёли кишининг моли қиёматда ҳисоб-китоб қилинади, аммо илмни кишининг илмидан ҳисоб олинмас, дедилар.
Шундан кейин саккизинчиси келди ва:
- “Ё Али, илм афзалми, мол афзалми?”, - деб сўради.
Ҳазрат Али илм афзал дедилар.
У яна савол берди:
- Қайси далил билан илм афзал ҳисобланади?
Ҳазрат Али:
- Мол кўп турса эскириб, чириб кетади ва натижада нобуд бўлади, аммо илм неча замонлар турса ҳам унинг қуввати тобора ошиб боради, - дедилар.
Тўққизинчиси келди ва саволни такрорлади.
Ҳазрат Али аввалги жавобни бердилар.
- Қайси далил билан илм афзал ҳисобланади? – деб сўради.
Ҳазрат Али:
- Мол дегани дилни қора ва хира қилади, аммо илм дилни равшан ва мунаввар қилади, - дедилар.
Шундан кейин у кетиб ўнинчиси келди ва ҳазрат Алидан:
- “Ё Али, илм афзалми, мол афзалми?”, - деб сўради.
Ҳазрат Али илм афзал дедилар.
У яна савол берди:
- Қайси далил билан илм афзал ҳисобланади?
Али каррамаллоҳу важҳаҳу дедилар:
- Одамнинг моли кўп бўлса, унга маст бўлиб, Фиръавндек худолик даъвосини қилади. Агар илми кўп бўлса, пайғамбарлардек шикасталик билан бандалик қилади.
Шундан сўнг ҳазрат Алининг олим, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тўғрисўз эканликларини тасдиқлаб, иймон калимасини айтиб мусулмон бўлдилар. Ҳазрат Али уларга: “Агар бу масала ҳақида умрим поёнига етгунча сўрасангиз ҳам, мен бошқа-бошқа жавоб берган бўлар эдим”, - дедилар.



O'qildi: 1179 | Qo'shdi: irfon | | Baho: 5.0/1 |
Barcha fikrlar: 0
Faqatgina saytga a'zo bo'lsangizgina fikr qoldirishingiz mumkin!
[ Ro'yhattan o'tish | Kirish ]
Kirish
Taqvim
«  Aprel 2008  »
DshSeshChrPayJumShnYk
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930
Qidiruv
Hamkorlar
Natija

Jami saytda: 1
Mehmonlar: 1
Foydalanuvchilar: 0
Copyright MyCorp © 2024