Бир куни ҳазрати Мусо алайҳиссалом Жаноби Ҳақ таолога муножот қилиб, айтдилар:
“Аллоҳим, халойиқларни яратдинг, уларга меҳрибонлик билан ризқ бериб, тарбия қиласан. Нима учун қиёматда уларнинг баъзиларини дўзахда азоблайсан? Ҳаммаларига баробар раҳмат қилмайсан?!”
Аллоҳ таолодан нидо келдики: “Эй Мусо, сен экин экиб, деҳқончилик қил”.
Мусо алайҳиссалом дарҳол экин экиб деҳқончилик билан машғул бўлдилар. Экинлари кўкарди, етилиб пишди. Шундан кейин экинларни ўриб, хирмонга босдилар. Аллоҳ таолодан яна нидо келди: “Эй Мусо, экинларни нима қилдинг?”. Мусо алайҳиссалом ўриб, хирмонга кўтариб олдим, дедилар. Аллоҳ таоло айтди: “Эй Мусо, ҳеч бирини қўймай ҳаммасини олдингми ёки баъзиси қолдими?”. Мусо алайҳиссалом: “Аллоҳим, донлик ва ҳосилликларининг ҳаммасини олдим ва беҳосиллари қолди”, - деб жавоб бердилар. Шунда Аллоҳ таоло айтди: “Эй Мусо, мен ҳам қиёматда бандаларимнинг ҳосилликларини раҳматимга оларман ва беҳосиллари дўзахда қолур”. Мусо алайҳиссалом: “Парвардигоро, беҳосил бандаларинг кимлар?”, - деб сўрадилар. Аллоҳ таоло айтди: “Эй Мусо, бу дунёда ҳидоят йўлида юрмаган, солиҳ амалларни бажармаган, худбин, бахил кишилар охиратда беҳосилдир”.
|