Қуръони карим жуда кўп оятларда Расулуллоҳ с.а.в. ва у зотнинг суннатларига эргашишга буюргани каби жуда кўп сиҳҳатли ҳадислар ҳам суннатга эргашишнинг аҳамияти ва унинг шариатдаги ўрнини баён қилиб келган. Умумий қилиб айтиш мумкинки, ҳар даврда бир-иккита ақлига ишониб қолган насибасиз инсонларни истисно қилсак, суннат дин ва диний ҳаётда асос ташкил қилиш жиҳатидан бугунга қадар доим Қуръони карим билан бирга мутолаа қилиб келинмоқда. У Қуръони карим билан шу қадар чамбарчас боғлиқки, на уни Қуръондан ва Қуръонни ундан ажратиш мумкин эмас.
Суннат Қуръоннинг мубҳам жиҳатларини тафсир, мужмал жиҳатларини тафсил, мутлақ бўлган ҳукмларини тақйид, умумий бўлган қисмларини эса хос қилиш билан Қуръони каримга бўлган хизматлари орқали худди у билан бутунлашган кабидир.
Намозлар, рукнлари, шартлари, сиҳҳат ва бузилиши, суннат ва одоби билан; ҳаж эса, ифроди, қирони, таматтуъи ва барча рукнлари билан; закот нисоби, турлари ва адо қилиш кайфияти билан Қуръонда мужмал ҳолда зикр қилиниб, суннат билан кенг маъно ва маълумот берилган масалалардан бир нечтаси холос. Қуръони каримда мерос оятларининг умумий зикр қилинган бўлсада, пайғамбарларнинг моллари мерос бўлолмаслиги, бир-бирига меросхўр бўлганлар бири қотил бўлгач меросдан маҳрум бўлиши каби масалалар суннат билан хосланган. Бундан ташқари Қуръони каримда мутлоқ зикр қилинган бир неча ҳукмлар ҳам борки, улар ҳам суннат билан қайд қилиб берилган. Шу билан бирга Қуръони каримнинг бир оят, ҳатто бир жумла билан ҳам баён қилмаган, лекин мустақил тарзда суннат билан баён қилинган масалалар ҳа оз эмас. Хокани эшакларнинг ва ваҳший ҳайвонларнинг гўштларинигнг ҳаром эканлиги, хола, амма устига жиянларининг никоҳи манъ қилиниши кабиларни булар жумласидан санашимиз мумкин.
Мана шу жиҳати билан бугунги кунгача Қуръоннинг ёнида суннат ҳам бир хил аҳамиятга эга бўлди, “китоб”дек қайд этилди, унинг устида музокаралар қилинди, китоблар ёзилди.