Allohga taqvo qiling Jum'a, 03.05.2024, 01:58
Asosiy
Yangilik bo'limlari
Qur'oni Karim [0]
Hadis [1]
Aqoid [0]
Arab tili [0]
She'riyat [12]
Ibratli dunyo [1]
Jamiyat [3]
So'rovnoma
Ушбу сайтни баҳоланг
Всего ответов: 6
Bosh sahifa » 2008 » Mart » 7 » ИСЛОМДА СУННАНИНГ ТУТГАН ЎРНИ
ИСЛОМДА СУННАНИНГ ТУТГАН ЎРНИ
16:04
Ислом дини, айниқса ислом ҳуқуқи тўртта асосий манбага таянган бўлиб, барча диний таълимотлар, тоат-ибодат ва ҳуқуқий масалалар ўз ечимини ушбу манбалардан олади. Улар Қуръон, сунна, ижмоъ ва қиёсдан иборат. Қуръони Карим илоҳий китоб бўлгани учун биринчи асосий манба сифатида мусулмонларга ҳаётнинг барча йўл-йўриқларини кўрсатиб бериб, ахлоқ-одоб, илму фазилат билан тинчлик ва барқарорликда яшаш учун уларга дастурул-амал ҳисобланади. Қуръондан кейин шариатнинг иккинчи манбаи Суннати Набавия (Пайғамбаримизнинг Сунналари) ҳисобланади. Ул зотнинг ўзлари бундай деган эдилар: «Сизлар учун икки нарса қолдирдим, мадомики уларга амал қилиб юрсангизлар, ҳеч қачон адашган бўлмайсизлар, улар Аллоҳнинг китоби ва менинг суннатимдир». Ҳазрат Пайғамбар ҳар доим масжид, бозор, уй, сафар ва иқомат чоғларида саҳобалар билан яшардилар. Пайғамбарнинг хатти ҳаракатлари саҳобалар учун ҳаёт йўлланмаси бўлиб қоларди. Узоқ жойларда туташган қишлоқлар аҳолиси ҳам ул зотни кўриш, улар билан учрашишга муштоқ эдилар. Баъзан улар ўз вакилларини Ҳазрат Муҳаммад ҳузурига юбориб, ислом дини аҳкомини улар орқали сўраб олардилар. Баъзан саҳобалар навбат билан Ҳазрат ҳузурига бориб, олган маълумотларини бир-бирлари билан алмаштириб турарди. Масалан, имом Бухорий ривояти асосида Ҳазрат Абу Бакр ўз қўшниси ибн Зайд билан кунаро навбат билан Ҳазрат Муҳаммад ҳузурига бориб, олган илмларини алмаштириб юрар эканлар. Шунингдек, мураккаб муаммолар топилганда саҳобалар узоқ масофаларни қилиб Пайғамбардан ўз саволларига жавоб олгандан кейин қайтиб кетардилар. Аёллар ҳам ўзларига тегишли масалалар бўйича пайғамбарнинг аёлларига масалан, Ҳазрат Оишага ва баъзан ўзларига мурожаат этардилар. Лекин саҳобаларнинг ҳаммалари ҳам Пайғамбарнинг ҳаёти, таржимаи ҳоли, айтган сўзлари ва хатти ҳаракатлари бўйича бир хил маълумотга эга эмасдилар. Улардан айримлари шаҳарда яшаса, баъзилари чўлларда яшарди, уларнинг баъзилари савдогар ёки ҳунарманд ва баъзилари кўпроқ тоат-ибодатга берилган эди ва ҳаммалари бирдек Пайғамбар билан учрашиб туриш имкониятига эга эмасди. Шу сабабли улар ривоят қилган ҳадислар сони бир биридан фарқ этади. Пайғамбардан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар, биринчи бўлиб ислом динини қабул қилганлар ва кўпроқ ул зотнинг хизматларида бўлиб ваҳй котиблиги вазифасини бажарганлар эдилар. Улардан Хулофои Рашидин, Абу Ҳурайра, Абдулло ибн Амр ибн Ос ва бошқаларни эслатиш мумкин. Шубҳасиз Ҳазрат Муҳаммад Алайҳиссалом Аллоҳнинг танланган вакили, буюк элчиси ва таблиғотчиси (тарғиботчиси) эди. Қуръони Каримда: «Эй Пайғамбар, Аллоҳ томонидан сенга нозил этилган (юборилган, туширилган) нарсаларни таблиғ қилгин (одамларга етказгин)» дейилади. Тадқиқотчи ҳуқуқшунос олимлар жумладан доктор Аҳмад Шалабий Суннани икки хилга бўлиб ўрганганлар. 1-Биринчи тури шундан иборатки агар исломда бирон иш қилинмоқчи бўлса, ўшанда яратувчи томонидан ўша масалага тегишли фикр Пайғамбарга ваҳй (ваҳй хафий) орқали билдирилади. Пайғамбар уни ўз сўзлари орқали баён этадилар. Бу ваҳй яъни ваҳйи хафийнинг Қуръон оятлари яъни ваҳий жалийдан фарқи шундаки Қуръон оятларининг ҳам мазмуни ва ҳам лафзи (ибораси) Аллоҳ томонидан Жаброил орқали юборилган бўлади. 2-Суннанинг иккинчи тури шундан иборатки, агар мусулмонлар ҳаётига тегишли бирон бир янгилик киритилиши зарурати сезилса, лекин уни ҳал қилиш учун Пайғамбарга ваҳй келмаса, бундай аҳволда пайғамбарга ижтиҳод қилиш яъни масалани ўз шахсий фикри асосида ечиш учун рухсат берилган ҳисобланади. Ўшанда Пайғамбар ижтиҳод қилиб, саҳобалар билан кенгаш ёки маслаҳат ўтказиб бир тўхтамга келади. Агар пайғамбар томонидан қабул қилинган қарор ва билдирилган фикр, Қуръон оятлари орқали тўғриланса, ўшанда Сунна (Пайғамбарнинг сўзи ва қарори) Қуръон орқали мансўх бўлади, яъни бекор қилинади ва Қуръоннинг ҳукми амалга оширилади. Мисол суратда, Бадр урушида Пайғамбар ва саҳобалар душманнинг 70 та аскарини асир олиб, уруш тугамасдан бурун, маълум товон эвазига ўша 70 асирни бўшатиб юборгандилар. Албатта озод бўлган асирлар душман сафига қўшилиб уларни кучайтиришарди. Ўшанда қуйидаги оят нозил бўлиб, душманлар устидан ғалаба қатъий бўлмагунча, асирларни қўйиб юборишга рухсат йўқлигини таъкидлади. Таржимаси: «Бирон Пайғамбар учун токи ерда ғолиб бўлмагунча асир олиш жоиз эмас эди. (Эй Пайғамбар) Сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматларини) истайди. Аллоҳ қудратлидир». Аммо агар Пайғамбар бир инсон сифатида баъзи бир ишларни бажарса, шариат манбаи ёки шариат қонуни ҳисобланмайди. Масалан Пайғамбар бир таомни бошқа бир таомга устун қўйса, ёки бир либосни ёқтирса, бундай ишлар ташриъ эмас яъни шариат ҳукмларига кирмайди. Мусулмонлар хоҳлаганларидек еб, ичиб, кийишлари мумкин (албатта шариат қоидалари ҳудудида) Мусулмонлар Пайғамбар учун юз берадиган бундай икки хил ҳолатни билардиларми? Албаттаки билардилар, масалан Бадр уруши бўлиб ўтадиган жой ҳақида саҳобалардан бири –Ҳубоб ибн Мунзир: «Бу Аллоҳдан ваҳй бўлганми, ёки ўзингизнинг ижтиҳодингизми? деб Пайғамбардан сўраганда, жавоб бердилар: -Ўзимнинг ижтиҳодим. -Гап шундай бўлса, менимча Бадр қудуғи ёнида тушсак яхшироқ бўларди. Бошқа мусулмонлар ҳам Ҳубоб ибн Мунзирни қўллагандан кейин, Бадр қудуғи ёнида тушиш учун рухсат берилди.
O'qildi: 1199 | Qo'shdi: irfon | | Baho: 5.0/1 |
Barcha fikrlar: 0
Faqatgina saytga a'zo bo'lsangizgina fikr qoldirishingiz mumkin!
[ Ro'yhattan o'tish | Kirish ]
Kirish
Taqvim
«  Mart 2008  »
DshSeshChrPayJumShnYk
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31
Qidiruv
Hamkorlar
Natija

Jami saytda: 1
Mehmonlar: 1
Foydalanuvchilar: 0
Copyright MyCorp © 2024