Allohga taqvo qiling Jum'a, 03.05.2024, 04:17
Asosiy
Yangilik bo'limlari
Qur'oni Karim [0]
Hadis [1]
Aqoid [0]
Arab tili [0]
She'riyat [12]
Ibratli dunyo [1]
Jamiyat [3]
So'rovnoma
Bir odam umri davomida qancha yog' iste'mol qiladi?
Всего ответов: 5
Bosh sahifa » 2008 » Mart » 7 » ҲИЖРИЙ I-АСРДА ҲАДИСЛАРНИНГ РАСМИЙ ЁЗМА ЖАМЛАНИШИ
ҲИЖРИЙ I-АСРДА ҲАДИСЛАРНИНГ РАСМИЙ ЁЗМА ЖАМЛАНИШИ
16:31
Ислом шариатининг иккинчи асосий манбаси бўлган ҳадислар қарийб XIV асрдан бери мусулмонларга ҳидоят йўлини кўрсатиб келмоқда. Айнан XIV асрдан бери мукаммал ҳолда давом этишида илк аср мусулмонлари – саҳобаларнинг хизматлари беқиёс. Улар Расулуллоҳ с.а.в.нинг замондошлари бўлиш билан бирга доим у зот билан бирга бўлар, зарур масалаларни сўраб ўрганар ва ҳаётларида татбиқ қилар эдилар. Баъзи саҳобалар ўрганган ҳадисларини ёдлар ва бошқаларга ривоят қилар, баъзилари эса нотўғри ривоят қилиб қўйишдан қўрқиб, фақатгина амал қилиш билан кифояланиб қолишарди. Айни вақтда Қуръони карим нозил бўлаётгани ва унинг ҳадис билан аралашиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида Расулуллоҳ с.а.в. ҳадисларни ёзишдан: “Мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзманглар, кимки Қуръондан бошқа нарсани ёзган бўлса ўчириб ташласин”( Имом Муслим, Саҳиҳи Муслим, Китабуз-зуҳд, 72 саҳ.), деб қайтарганлар. Аммо баъзи саҳобаларга рухсат берилгани сабабли ёзиб боришар эди. Жумладан, Абу Ҳурайра қуйидагича ривоят қиладилар: “Саҳобалар ичида Абдуллоҳ ибн Амрдан бошқа мендан кўра кўп ҳадис биладигани йўқ эди. Чунки, у ёзиб борарди, мен эса ёзмасдим”. (Имом Бухорий, Саҳиҳи Бухорий, Китабул-илм, Илмни ёзиш боби.) Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ с.а.в.дан эшитган ҳамма нарсани ёзиб борардим, у зот шундай деганлар: “Ёз, нафсим унинг қўлидан бўлган зот (Аллоҳ)га қасамки, мендан ҳақдан бошқа нарса чиқмайди”.( Имом Аҳмад, Муснад, 2 жилд, 163 саҳ.; Доримий, Сунан, Илмни ёзишга рухсат берилганлар боби, 1 жилд, 103 саҳ.; Абу Довуд, Сунан, Китабул илм, 3 жилд, 60 саҳифа.) Бундан ташқари жумҳур уламоларнинг таъкидлашларича бошқа саҳобалар ҳам ҳадисларни ёзиб борганлар. Жумладан, 1-Абу Бакр Сиддиқнинг “Саҳифа”си. Бу ҳақда Саҳиҳи Бухорийнинг Закот китобида ҳадис келтирилган. 2-Али ибн Абу Толибнинг “Саҳифалари”. Имом Насаий бу саҳифалар бир қанча масалаларни жамлаган дейди. 3-Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осснинг “Саҳифаи содиқа”си. Ибн ал-Асийр ушбу саҳифалар мингта ҳадисни жамлаганини ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осснинг ўзи буларни “ас-Содиқа” деб номланганини таъкидлайди. 4-Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийнинг “Саҳифа”си. Қатода ибн Диъома ас-Садусий шундай дейди: “Жобир ибн Абдуллоҳ буларни ёдлаб сақлар ва бошқа нарсалардан кўпроқ шунга аҳамият берарди”. 5-Абдуллоҳ ибн Аби Авфанинг “Саҳифа”си. (Ибн Ҳажар, Фатҳул борий, 6 жилд, 45 саҳ.) 2388-ҳадис. 6- Абу Мусо ал-Ашъарийнинг “Саҳифаси”. Саҳобаларнинг саҳифалари ва ҳадисларни ёзишлари хос ҳолда эди. Расулуллоҳ вафотларидан кейин ҳадис ёдлаган саҳобаларнинг вафот этиб камайиб боришлари ҳадисларнинг йўқолиб боришига олиб келгани боис ҳадисларни жамлаш ва тадвин қилиш – расмий ёзиб китоб, девон ҳолига келтириш лозим бўлди. Тадвин – расмий ёзиш фаолияти Амавий давлати халифаларидан Умар ибн Абдулазиз ташаббуси билан бошланди. Исломий ҳаётни мукаммал даражада яшаган ва Расулуллоҳ с.а.в.нинг суннатларига қаттиқ боғланганлиги билан машҳур бўлган Умар ибн Абдулазиз суннатни яшаган саҳобаларнинг, улардан сўнг буюк олимларнинг турли сабаблар билан бирма-бир ҳаётдан ўтаётганларини кўриб ҳадисларнинг унутилиб, йўқолиб кетишидан хавфга тушди. Бунинг олдини олиш учун ҳар томондан олимларни ҳадисларни ёзиш ишига ташвиқ қилиб қўл остидаги волийларга ҳадисларнинг ёзилиши борасидаги фармонларини юбора бошлади. Умар ибн Абдулазизнинг юборган мазкур матнларидан бирининг матни Имом ал-Бухорийнинг “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобларида мавжуд. Ушбу матн Мадина волийси Абу Бакр ибн Ҳазмга юборилган мактубдир: “Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳадислари қандай ҳолга келиб қолганини кўр. Уни (жамлаб) ёз. Мен илм (ҳадислар)нинг йўқолиб кетишидан ва олимларнинг дунёдан ўтиб кетишларидан хавотирдаман. Бу иш (ҳадисларни ёзиш) адо этилар экан фақат Расулуллоҳ с.а.в.нинг суннатлари қабул қилинсин. Олимлар масжидлар каби жойларда ўтириб илмни ёйсинлар, билмаганларга ўргатсинлар. Чунки илм яшириниб қолмагунча йўқ бўлмайди”. Ибн Саъддан қилинган бир ривоятда Умар ибн Абдулазиз Ибн Ҳазмга ёзган мактубда қуйидагиларни қўшимча қилган: “...жорий бўлган суннат ёки Амра бинти Абдурраҳмоннинг ривоятлари қабул қилинсин...”. Доримийнинг ривоятида қуйидаги қўшимча мавжуд: “Ўзингда (ёки юртингда) Расулуллоҳ с.а.в.дан ривоят қилинган ва саҳиҳ бўлган ривоятлар билан Ҳазрати Умардан қилинган ривоятларни ёз”. Абу Нуъаймнинг “Тариху Исфаҳон” асарида келтирилишича Умар ибн Абдулазиз шу каби мазмундаги мактубларни барча Ислом ўлкаларига юборган. Ҳадисларнинг расмий ёзилиши – тадвин ҳақида қилинган юқоридаги турли ривоятларни эътиборга оладиган бўлсак, бу борада катта ишлар килинганини кўришимиз мумкин. Ҳадисларнинг ёзилишида Умар ибн Абдулазизнинг ташаббусини тақдирлаш учун бу борада энг катта хизмат қилган ва ўз номини қолдирган Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийнинг қуйидаги эътирофини ҳам қайд этиб ўтиш лозим: “Бизни бу умаро (амирлар, идорачилар) мажбур қилгунларига қадар илмнинг ёзилишини маъқул деб билмас эдик. Умароларнинг бу ишга бош қўшишлари ва ижборлари (мажбурлашлари) билан бу ишга киришгач, ҳеч қайси мусулмонни ёзишдан ман қилмаслик кераклигига ишонч ҳосил қилдик”. Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий билан бошланган тобеъинлар давридаги ҳадисларни ёзиш саҳобалар давридаги каби кучли рағбат ва ўта диққатлилик билан олиб борилди. Улар саҳобалардан ҳадис ривоят қилиб, атрофларидаги кишиларни ҳам ташвиқ қилар эдилар. Жумладан, Имом Омир аш-Шаъбий шундай дейди: “Агар бирор нарса эшитсанг деворга бўлса ҳам дарҳол ёзиб ол, бу сен учун яхши бўлади. Чунки бир куни келиб бунга эҳтиёж сезасан”. Саид ибн Жубайр шундай дейди: “Мен Ибн Аббос ҳузурида саҳифаларимга тўлиб кетгунча ёзардим. Саҳифаларим тўлгач, ковушимнинг устига, сўнг кафтимга ёзардим”.( Тақйидул илм, 102-103 саҳ.) Солиҳ ибн Кайсон дейди: “Мен ва Зуҳрий бирга илм талабида ўтирдик ва суннатларни ёзамиз, деб келишдик. Расулуллоҳдан нақл қилинган нарсаларни ёздик. Сўнгра у: “Саҳобалардан нақл қилинган нарсаларни ҳам ёзамиз, чунки бу ҳам суннат”, деди. Мен: “Йўқ, булар суннат эмас, ёзмаймиз”, дедим. Зуҳрий ёзди, мен эса ёзмадим. У кўп нарсага эришди, мен эса йўқотдим”.( Тақйидул илм, 102-103 107 саҳифа; Жомиъу байан ал-илм ва фазлуҳу, 1 жилд, 76 саҳ.). Бу асрда ёзилган саҳифалар: 1- Саид ибн Жубайр (Ибн Аббоснинг талабаси)нинг “Саҳифаси”. 2- Башир ибн Наҳийкнинг Абу Ҳурайра ва бошқалардан ёзган Саҳифаси; 3- Мужоҳид ибн Жабр (Ибн Аббоснинг талабаси)нинг “Саҳифалари”. Абу Йаҳйо ал-Киносий дейди: “Мужоҳид Менинг ёнимдаги ҳужрасига чиқиб келар ва китобларини олиб менинг олдимга кирарди. Мен ундан кўчириб олардим”. 4- Абу аз-Зубайр Муҳаммад ибн Муслим ал-Маккий (Жобир ибн Абдуллоҳнинг талабаси)нинг “Саҳифаси”. 5- Зайд ибн Абу Унайса ар-Раҳовийнинг “Саҳифаси”. 6- Абу Қилобанинг “Саҳифаси”. Ушбу саҳифаларни Айюб ас-Сижистонийга васият қилиб қолдирган. 7- Айюб ибн Аби Тамийма ас-Сижистонийнинг “Саҳифаси”. 8- Ҳишом ибн Урва ибн аз-Зубайрнинг “Саҳифаси”. Тобеъийнлардан бундан ташқари ҳам жуда кўп саҳифалар қолган ва булар саҳобаларнинг саҳифаларидан кейинги асосий манба ҳисобланган. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳадисларни ёзиш Расулуллоҳ, саҳобалар ва тобеъийнлар даврида олиб борилган бўлса ҳам, расмий тадвиннинг барча хусусиятларини ўзида қамраб олган фаолият Умар ибн Абдулазизнинг фармони билан Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий томонидан олиб борилган. Бу борада Хатиб ал-Бағдодий “Тақйидул илм” (“Илмни қайд қилиш”) номли китобида мукаммал маълумотлар берган.
O'qildi: 1040 | Qo'shdi: irfon | | Baho: 5.0/2 |
Barcha fikrlar: 2
2 qaroniy  
0
Murojaat qiling: Ibn Saloh - Ulum al-hadis

1 qaroniy  
0
Бу мавзуга доир Ал-Аъзамийнинг "Диросаат фил ҳадийсн-набавий" номли асарида кенг маълумот топиш мумкин.

Faqatgina saytga a'zo bo'lsangizgina fikr qoldirishingiz mumkin!
[ Ro'yhattan o'tish | Kirish ]
Kirish
Taqvim
«  Mart 2008  »
DshSeshChrPayJumShnYk
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31
Qidiruv
Hamkorlar
Natija

Jami saytda: 1
Mehmonlar: 1
Foydalanuvchilar: 0
Copyright MyCorp © 2024