Абу Саид Абдуллоҳ, Ибни Саққа ва Абдулқодир Жийлоний ёшлик чоғларида илм ўрганиш учун Боғдодга борган эдилар. Ўша вақтларда Низомия мадрасида Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари дарс берар, халқни иршод қилар эдилар. Бу уч ўспирин Юсуф Ҳамадонийнинг зиёратларига боришга қарор қилдилар. Ибн Саққа: - Устозга шундай савол берайки, жавобини беролмасин, деди. Абу Саид Абдуллоҳ ҳам: - Мен ҳам шундай мушкул бир савол бераман, кўрамиз устоз мукаммал жавоб бера олармикан? деди. Абдулқодир Жийлоний ёшлари кичик бўлишига қарамай, буюк одоб тимсоли эдилар. Дўстларига: - Аллоҳ сақласин. Мен қандай қилиб савол сўраб, устозни имтиҳон қилай? Ҳузурларида фақат кутиб тураман, у зотни кўришга мушарраф бўламан, файз оламан, дедилар. Учовлари ниҳоят Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг ҳузурлаирга кирдилар. Юсуф Ҳамадоний аввал Ибн Саққага юзланиб: - Ҳайф сенга эй Ибн Саққа! Сен мендан жавоб бера олмайдиганим савол сўраймоқчисан! Сенинг сўрамоқчи бўлган саволинг мана бундай ва жавоби мана бундай. Сенда куфр нафаси келмоқда... дедилар. Кейин Абу Саид Абдуллоҳга юзландилар. - Сен ҳам мендан бир савол сўраб, мукаммал жавоб бериш-бермаслигимни кўрмоқчисан, шундайми? Сенинг сўрамоқчи бўлган саволинг мана бу. Жавоби эса бундай. Аммо сен ҳам одобга риоя қилмаганинг учун умринг узун ва қийинчиликлар, муаммолар билан ўтади, дедилар. Охирида Жийлонийга юзланиб: - Эй Абдулқодир! Одобингнинг гўзаллиги билан, Аллоҳ таолони ва Расулини рози қилдинг. Мен сенинг Боғдодда иршод курсисига ўтириб: “Менинг оёғим, барча авлиёларнинг елкаси устидадир” деяётганингни кўрмоқдаман. Мен яна сенинг атрофингдаги барча авлиёларни сенинг буюклигинги қаршисида бўйинларини эгиб турган ҳолатларини ҳам кўрмоқдаман... дедилар. Орадан кўп йил ўтди. Ҳақиқатан ҳам Абдулқодир Жийлоний ҳазратлари маънавиятда шу қадр етишдиларки, нитажада авлиёлар султони бўлдилар. Ибн Саққа эса, ўша воқеадан кейин шаръий илмлар билан машғул бўлди. Шуҳрати ўз даврининг султонига қадар етиб боргач, султон уни Византияга элчи қилиб юборди. Христианлар унга жуда яхши муомала қилдилар. Византияда кўрган бу муомалага ва дунё ҳаётининг жозибасига алданиб Христиан бўлди ва Христиан ҳолида вафот этди. Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг: “Сенда куфр нафаси келмоқда” сўзларининг сирри мана шундай кўринди. Абу Саид Абдуллоҳ эса, Шомда турли вазифаларга эришди. Аммо ҳаёти Юсуф Ҳамадоний айтганларидек, фақат қийинчиликлар ва қайғуларга тўла бўлди.
|