Эй дўст! Сераёз томонларнинг узумидир Сўз, Саҳро-дашт, чўлларнинг гужумидир Сўз. Сўз инсофдан улуғ, исрофдан хордир, Турналарнинг тилло тизимидир Сўз.
* * * Эй дўст! Учиб чиқар бир қуш ўз уясидан, Унга қайтиб кирмас, қандай қушдир у? — Нақд яхши ҳамиша насиясидан, Уни “Сўз” дейдилар, жавобимиз шу!
* * * Эй дўст! Тарозига солиб айтдим ҳар бир сўзни, Унутмадим, кескир нигоҳ, ўткир кўзни. Қуюнларнинг ниятидан хабарим бор, Тиконларнинг нишларида кўрдим ўзни.
* * * Эй дўст! Аллоҳга таваккул қилдик жонимизни, Ҳалоллаб едик бир бурда нонимизни. Даламизда деҳқон мисол бедормиз, Пахта, буғдой ўраган ҳар ёнимизни.
* * * Эй дўст! Менинг наслим билар бўлса сўзимга боқсин, Менинг бирла бир дарёда чўмилсин, оқсин. Шаҳар либосимни ғийбат қилиб ўтирмай, Қалбим билан тоққа чиқсин, гулханлар
ёқсин. * * * Эй дўст! Ўз уйинг ичида бўй берган низо Ташларга чиқару берар акс-садо. Боғда кўтарилар бехосдан тўзон, Йўлларга сочилиб кетади хазон.
* * * Эй дўст! Чўлдаги чўпонга учради Хизр: “Тила тилагингни, чўпон, не зарур?” Чўпон дер: “Соғиндим бола-бақрамни, Тонггача сурувга, бобо, қараб тур”.
* * * Эй дўст! Бу гўша, шу макон, шу юрт, шу Ватан, Майли, юрагимга қадасин тикан. Хокига айланай, ўша тиканлар Тиллашох гулларга дўнар дафъатан!
* * * Эй дўст! Қамишзор қушлари чуғурлар бетин, Уларнинг сасларин эшитдим секин: — Бугун икки қушча нобуд бўлибди Тузоқдаги донни ўйлашиб текин...
* * * Эй дўст! Сиртимдан сипою ичдан бедорман, Кундуз хуррамману тунда абгорман. Жийда гули гўзал — кўзим оладир, Кўп ҳидлаб юбордим, дили беморман.
* * * Эй дўст! Қашқир ваҳшийлигин сўзламаган ким, Эшитдим турфа хил баҳоларини. Лекин чин қашқирни кўринглар дедим Эмизаётган кез болаларини...
* * * Эй дўст! Куч бир ён чорлайди, ақл-чи, бир ён, Бир ён гулхонаю бир ён гўристон. Билак кучи билан тутмадим сичқон, Билак кучи билан ўйнатдим арслон.
* * * Эй дўст! Оламда не мавжуд турар турланиб, Бирда янгиланиб, бирда кирланиб. Ёз-қиш лаш-лушларга тўлди сой бўйи, Лекин ювиб кетди кўклам сел келиб.
* * * Эй дўст! Эр-аёл бир умр эрур ёнма-ён, Улар айролиғин қилма намоён. Бири Ғарбга кетса, бири Шарқ томон, Ўртада тугайди жаннати даврон.
* * * Эй дўст! Аёл боши эркак бўлди, Қора сочи телпак бўлди. Болаларин улғайтиргач, Неварага эрмак бўлди.
* * * Эй дўст! “Аёлга сир айтма!” деганди отам, Аёлга сир айтиб... синаб кўрдим ҳам. Боламга не дейин? Дейманки: “Ақлим Отамнинг ақлидан эмасдир ўктам!”
* * * Эй дўст! Сен қанча жим юрсанг, бу шунча яхши, Сўзламоқ эмасдир бу даврон нақши. Ихтиёрсиз куйлаб юборгум, нетай, Тоғдан тушиб келган мен — далли бахши.
* * * Эй дўст! Сичқон тирик. Қопқон ўлик. Тирик ўликдан луқма тилар. Ўлик тирилар. Тирик Ўликка айланар.
* * * Эй дўст! Қора сел бақани оқизиб борар, У деди: — Дарёни орзу қилгандим. Лайлак этакларда ризқ териб юрар. У дер: — Келишингни кутиб тургандим.
* * * Эй дўст! Ёқаверсанг тош ҳам ёнар, Тошдан қаттиқ бош ҳам ёнар. Ёр ишқида аравамни Ўтин қилдим, Шош ҳам ёнар.
* * * Эй дўст! Баланд тоғлар ортида гўзал водий бор, Унга кетмоқни мен қилдим ихтиёр. Бир йўловчи чиқиб олдимдан, деди: — Сенинг водийингга келмоқдаман зор...
* * * Эй дўст! Бугунга буғдойим бор, эртамга Худойим бор, Худойимга ҳар куни дилимда дуойим бор. Молу мулк деб кеча-кундуз чопмадим, Чопганларнинг ҳолини кўп кўрган дунёйим
бор.
|